Ҳурматли Абитуриент!

Аввало, Сизга мамлакатимиз олий таълим муассасалари орасидан бизнинг Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Қўқон филиалини танлаганингиз учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Бизнинг жамоа ўз олдига замонавий билимларни эгаллаб, соҳанинг етук мутахассиси бўлишни ҳамда жонажон Ватанимиз равнақига ҳисса қўшишни ният қилган интилувчан ёшларга ўз мақсадларига етишишида уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва бор имкониятларини сафарбар этади.

   2020-2021 ўқув йилида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Қўқон филиалининг кундузги таълим шакллари бўйича 5 та бакалавриат таълим йўналишларида 250 нафар талабани  қабул қилади.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёшларнинг олий таълим олишлари учун яратилаётган шароитлар йилдан-йилга кенгайиб, инсон капиталига давлат томонидан жуда катта инвестиция киритилмоқда. Бундай ғамхўрлик натижасида талабаликка қабул қлинган ёшлар сони охирги уч йилда уч баробарга ортди. Жорий йилда абитуриентларнинг ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш тўлиқ масофадан амалга оширилди. Бизнинг Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Қўқон филиалига кириш учун 974 нафар абитуриент ҳужжатларини  рўйхатдан ўтказдилар. Сиз ҳужжат топширган кундузги бўлим таълим йўналишига 289 нафар абитуриент талаба бўлиш истагини билдирган.

Бугунги кунда бутун жаҳонда кечаётган пандемия сабабли мамлакатимиз олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари муддатлари кечиктирилди. Бу аввало, Сиз ­- ёшларнинг саломатлигингизни ўйлаб, ўз билимингизни намоён қилиш учун қулай ва хавфсиз шарт-шароит яратиш мақсадида қилинди.

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан кириш имтиҳонлари шаҳарлар ва вилоятлардаги марказий стадионларда, яъни очиқ майдонларда карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда 2020 йил сентябрь ойининг 2-санасидан бошлаб ўтказилиши режалаштирилди.

Сиз паспортингиз ва ДТМ рухсатномангиз билан рухсатномада кўрсатилган манзилга белгиланган вақтда етиб келишингиз зарур. Эслатиб ўтамиз, ДТМ рухсатномаларини жорий йилнинг 22 августидан бошлаб ДТМ сайти (www.dtm.uz)даги шахсий кабинетингиз орқали олишингиз мумкин!

 

Муҳтарам Абитуриент!

Имтиҳон куни белгиланган манзилга карантин қоидаларига риоя қилиб, хавфсизлигингизни таъминлаб, яхши кайфиятда ва ўз вақтида етиб келишингизни сўраймиз.

Азиз ота-оналар ва яқинларингиздан имтиҳон кунлари уйда қолиб, имтиҳон жараёнларини онлайн кузатиб боришларини сўраймиз.

Кириш имтиҳонларининг ўтиш муддати, жадвали ва натижалари ҳамда ўзингизни қизиқтирган барча саволларга жавобларни tdtukokand.uz сайти, tdtukokandfiliali телеграмм каналидан олишингиз, шунингдек This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it. электрон адресга ёки (73)-541-10-95, (91) 690-82-37, (91) 150-10-05, (91) 696-11-02, (97) 703-25-00, (91) 139-40-77 рақамли телефонга мурожаат этишингиз мумкин.

Унутманг, фақат пухта тайёргарлик ва кучлим билим билангина талаба бўлиш бахтига муяссар бўлишингиз мумкин. Шундай экан, бир дақиқа ҳам билим олиш ва ўз устингизда ишлашдан тўхтатманг. Сизга ушбу синовлардан муваффақиятли ўтиб олишингизда улкан зафарлар тилаймиз.

Омад ёр бўлсин!

 

Ҳурмат билан,

Директор Ш.Пулатов