Бугун, 23 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзга чиқади. Унда давлат раҳбари минтақа ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш каби масалаларда ўз ташаббусларини илгари суриши кутилмоқда.

Видеоанжуман шаклида ўтадиган йиғилишда Шавкат Мирзиёевнинг чиқиши Тошкент вақти билан соат 18:00га тўғри келади.

Нуқт олдидан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати президент томонидан 2017 йил сентябрида, БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурилган ва амалга оширилган ташаббусларни санаб ўтди.

  • «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ташкил этилди (2018 йил 27 март).
  • Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашувлари ўтказилди. БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюцияси қабул қилинди (2018 йил 22 июнь).
  • Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармасига асос солинди (2018 йил 27 ноябрь).
  • БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» ҳақидаги резолюцияси қабул қилинди (2018 йил 12 декабрь).
  • Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилди. У инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи Самарқанд веб-форумида муҳокама қилинди (2020 йил 12-13 август).