Бугун Республикамиздаги барча олий таълим муассасалари қатори Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Қўқон филиали 2020-2021 ўқув йилида талабалик бахтига муяссар бўлган абитуриентлар учун ўз эшикларини очди. Ажиб ҳаяжон билан олийгоҳга илк бор қадам қўйган талабаларни шахсан филиал директори  Пулатов Шарифжон Йигиталиевич кутиб олдилар.

Пандемия шароитида барча карантин қоидаларига амал қилган ҳолда тадбир ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси жаранглагандан сўнг, сўзга чиқган филиал директори, дастлаб уларни талабалик бахтига муяссар бўлганлиги билан самимий табриклаб, бошлаётган ўқишларида муваффақият ва зафарлар тилади. Тадбир давомида олийгоҳга юқори баллар билан талабаликка қабул қилинганлар филиал раҳбарияти томонидан алоҳида табриклаб ўтилди.

Филиалда танишув дарсларини ташкил этишда карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда талабаларнинг тана ҳарорати ўлчаниб, антисептик воситалар билан дезинфекция қилинди. Шундан сўнг талабалар аудиторияларга киритилиб, “Танишув ҳафталиги” дарс жараёнлари бошланди. “Танишув ҳафталиги” доирасида филиал раҳбарияти барча факультетларга биринчи курсга қабул қилинган талабалар билан учрашиб уларни “олтин давр”га қўйилган қадам билан самимий қутладилар ҳамда талабаларга филиал тарихи, профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар хақида маълумот билан бирга, масафавий таълим платформасига кириш, ZOOM дастуридан фойдаланиш ва бошқа ўқув жараёнига оид маълумотлар етказилди. Бундан ташқари, таълим олиш жараёнида зарур бўладиган адабиётлар рўйхати билан ҳам батафсил таништириб ўтилди. Мана шу тарзда танишув ҳафталиги давомида талабаликка қабул қилинган абитуриентлар учун онлайн таълим олиш кўникмаси шакллантирилади. Биринчи босқич талабалари учун ташкил этилган танишув дарслари 17-октябрь санасига қадар давом этиши режалаштирилмоқда.