Ўзбекистон Республикаси Президенти: “Кимки ўзбек тилининг латофатини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримиз алласини тинглаб кўрсин” –Шавкат Мирзиёев.

Онам алласида, сени меҳринг бор,

Сендан ором олган кунларим бисёр.

Болалик чоғимга,ҳали кўзим зор,

Қадринг баланд тутай,жон она тилим. 

Шоирлар куйлайди,мадҳингга алёр,

Шеърларни битдилар,ўз тилда бисёр.

Тарихинг олисдир,достонда гулёр,

Қадринг баланд тутай, жон она тилим.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 21 октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармони ҳамда 10 апрель санасида “Ўзбек тили байрами куни” тўғрисидаги ЎРҚ-615-сон қонуни имзоланди. Унга биноан       21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди. Она тилимиз фидойилари ва бутун халқимиз бу хушхабарни катта хурсандчилик билан қарши олди.

Дунёда биз билган ва билмаган сир-синоатлар жуда кўп. Шулардан бири тил масаласи. Тил ҳақида гап кетганда, уни онага тенглаш одат тусига кириб қолган. Бундай ёндашув жаҳон тилларининг ҳаммасида деярли бир хил: ОНА ТИЛИ.

Мамлакатимизда она тилимиз қадрини, қаддини юксалтириш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Ўзбек тилига давлат тили мақомини берилиши мамлакатимизда тилимиз ривожи, уни софлигини сақлаш ва ривожлантириш йўлида амалга ошириб келинаётган ишларни янги бир босқичга олиб чиқилиши десак хеч муболаға бўлмайди.

“Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадургон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур”... Миллатпарвар мутафаккир Абдулла Авлонийнинг бу сўзлари ҳеч бир замонда аҳамиятини йўқотмайди. Чунки миллат деганлари тилга кўра белгиланади. Тил – миллатнинг мавжудлик шарти. Миллат вужуд бўлса, тил – руҳ. Шу боис ўзини таниган, ўзлигига эга ҳар бир миллат она тили ривожини ҳаёт-мамот масаласи деб билади. Тил тараққийси учун бор имкониятини ишга солади. Она тилимиз давлат тили мақомига эга бўлгани унинг ривожи учун ҳуқуқий кафолат демакдир. Бироқ тилнинг чинакам ривожи учун бунинг ўзигина кифоя қилмайди. Давлат тили ҳақида қонун қабул қилингани – тил тараққиётининг ҳуқуқий кафолати. Усиз бир қадам ҳам олдинга юриб бўлмаслиги аён. Шукрки, биз бундай қонунга эгамиз. Лекин тилнинг бор имконияти билан равнақ топиши учун бунинг ўзигина етарли эмас.

Тил билиш – яхши. Тил билиш бу – уйғониш. Ҳатто Ренессанс даврида ҳам одамларнинг камида икки-уч тилни билиши одатий ҳол саналган. Улуғларимиз бир тилни билган бир одам, икки тилни билган икки одам, дея ўгит бериб келганлар. Беҳбудий тўрт тилни билишни тарғиб қилади. Лекин ўзга тилни билиш ўз она тилингнинг унутиш ҳисобига бўлмаслиги лозим. Акс ҳолда, ўзликни бой бериб қўйиш мумкин.

Шу маънода бугун ҳамма Навоий бўлиши шарт! Албатта, гап унинг даҳосига тенглашиш ҳақида эмас, балки туркий тилга – она тилимизга муносабат борасида унинг сафидан жой олишимиз ҳақида бормоқда. Бугун ҳар бир ўзбек онгли равишда бориб, Навоий издоши бўлмаса, ўзлигимизга, миллий давлатчилигимизга путур етиши мумкин. Тилни ҳамда ўзликни сақлашнинг бугунги ягона йўли битта – Навоийшунос бўлмоқликдир.

Айтилганлардан хулоса қилиб айтиш жоизки, давлат тилимиз бўлмиш ўзбек тилига тўғри ва адолатли муносабатни шакллантириш учун унга ҳар томонлама эътиборни кучайтиришимиз, уни, аввало, замонавий илм-фан тилига айлантиришимиз керак бўладики, шундагина ўзгалар ҳам тилимизни ҳурмат қилиб тан олишади ва ўрганишади. Зеро, тил бу ўзлигимиздир. Тилдан маҳрум бўлиш ўзликдан, ўзликдан маҳрум бўлиш эса, ору номусдан маҳрум бўлишдир.

ТДТУ Қўқон филиали 

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими услубчиси                                 М.Аҳмедова